«Бу сафар жуда жиддий мавзуда хато қилдингиз, уят». Поль Погба Франция терма жамоасини тарк этиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

«The Sun» нашри 26 октябрь куни футбол бўйича Франция терма жамоаси марказий ярим ҳимоячиси Поль Погба мамлакат президенти Эммануел Макроннинг ислом динига қарши қаратилган сўзларидан сўнг жамоани тарк этиши ҳақида хабар берди.

Фото: «EssentiallySports»

Футболчи ўзининг Instagram’даги саҳифасида бу маълумот ёлғонлиги, ҳеч қандай ишончли манбаларга асосланмаганини таъкидлаган. Қайд этилишича, Погба президентнинг гап-сўзларидан кейин жамоадан кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаган.

Скрин: Instagram/ Paul Labile Pogba

«‘The Sun’ яна шундай қилди… Мен ҳақимда мутлақо асоссиз янгиликлар айланиб юрибди, улар мен ҳеч қачон ўйламаган ва айтмаган нарсаларни хабар қилди.

Aйрим ‘оммавий ахборот воситалари’нинг номим остида мутлақо ёлғон сарлавҳалар тўқиб, айни дамда французларнинг мулоҳазали мавзусига аралаштиргани ва бунга Франция терма жамоасини қўшгани ҳайратимни ошириб, жаҳлимни чиқаряпти, карахт аҳволга соляпти.

Мен терроризм ва зўравонликнинг ҳар қандай турига қаршиман. Aфсуски, баъзи журналистлар янгиликларни ёзишга масъулият билан ёндашмайди, улар матбуот эркинлигини суиистеъмол қилиб, ёзилаётган хабарнинг тўғрилигини текширмайди ҳамда ‘ғийбат занжири’ни яратади. Бу эса одамлар ҳаётига, менинг ҳаётимга таъсир қилади. Мен доимий ёлғон ахборот тарқатадиган нашрларга қарши қонуний ҳаракатлар олиб боряпман», — деб ёзган Погба.

Шунингдек, у «The Sun» журналистларини маълумот тўплашда манбаларга таянмасликда айблаган. «Бу сафар жуда жиддий мавзуда хато қилдингиз, уят», — дея изоҳ қолдирган футболчи.

Аввалроқ франциядаги Конфланс-Сен-Ҳонорин шаҳрида шогирдларига Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини кўрсатган ўқитувчининг боши кесилгани ҳақида хабар берилганди. Қотилликда гумон қилинган чеченистонлик Aбдуллоҳ Aнзоров 16 октябрь — воқеа содир бўлган куни номаълум эркак томонидан отиб ўлдирилган.

Франция президенти Эммануел Макрон қотилликни теракт деб атаб, «Бизнинг бир ватандошимиз талабаларга сўз эркинлиги, ишониш ёки ишонмаслик эркинлигини ўргатгани учун ўлдирилди. У исломий террористик ҳужумнинг қурбони бўлди», — дея таъкидлаган.

Янгиликлар