Ўзбекистонда яқин кунларда Apple Pay ишга туширилиши кутилмоқда
Бу борада айни пайтда тегишли техник ишлар олиб борилмоқда

Ўзбекистонда яқин кунларда Apple Pay сервиси ишга туширилиши кутилмоқда, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Яқин кунларда Apple Pay хизматининг ҳам ишга туширилиши кутилмоқда. Бу борадаги техник ишлар Марказий банк, тижорат банклари ҳамда HUMO ва Uzcard томонидан олиб борилмоқда, — дейилади хабарда.
Мазкур қадам туризм соҳасидаги ислоҳотлар доирасида хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, дунёнинг етакчи тўлов тизимларини миллий инфратузилмага интеграция қилиш бўйича изчил олиб борилаётган ишларнинг давоми эканлиги билдирилди.
Бунда сайёҳлар оқими жадал ўсиши кутилаётган Хитой ва Ҳиндистон бозорларига алоҳида эътибор қаратилиб, Alipay + ҳамда NPCI International тизимлари билан интеграция ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, август ойида HUMO инфратузилмасида Alipay + тўлов шлюзи ишга туширилди.
Эндиликда Alipay ва унга уланган электрон ҳамёнлар фойдаланувчилари, аввало, хитойлик сайёҳлар Ўзбекистонда UZQR орқали тўловларни амалга оширмоқда.
Мазкур чоралар хорижий меҳмонларни нақд пул ва халқаро карталарга боғлиқликдан халос этиб, Ўзбекистонни сайёҳлар учун янада очиқ ва қулай манзилга айлантиришга, мамлакатнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга хизмат қилиши билдирилди.





