Хоразмда аёл ва унинг 3 нафар қизи заҳарланишдан вафот этди
Дастлабки маълумотларга кўра, бир оиланинг тўрт нафар аъзоси салатдан заҳарланган бўлиши мумкин

Хоразм вилоятининг Боғот туманида аёл ва унинг уч нафар вояга етмаган қизи вафот этди, бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 8 октябрь куни бир оиланинг тўрт нафар аъзоси туғилган кун муносабати билан бир кун олдин тайёрланган таомни истеъмол қилган.
Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Терговга тегишли идоралар вакиллари жалб этилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276−11-моддаси 4-қисми «а» банди (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.





