Ўзбекистонда педагоглар ва ўқувчилар психологик диагностикадан ўтказилади

Биринчи босқичда тизим мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида, иккинчи босқичда эса ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида жорий этилади

«Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, барча таълим ташкилотларининг педагог (тарбиячи) ва ўқувчилари (тарбияланувчилари, талабалари) бир ўқув йилида камида бир маротаба мақсадли психологик диагностикадан ўтказилади.

Бунда ушбу тизим:

• биринчи босқичда — 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида;

• иккинчи босқичда — 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида жорий этилади.

Психологик диагностика қуйидаги тартибда ташкил этилади:

• диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформада юритилади, шахсга доир маълумотлар ва диагностика натижасида маълум бўлган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади;

• натижалар сунъий интеллект технологиялари орқали таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар «психологик барқарор», «психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» ва «фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур» гуруҳларига ажратилади;

• «психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» гуруҳига киритилганларга таълим ташкилотининг психологи, «фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур» гуруҳига киритилганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог бириктирилади.

Каскадли малака ошириш курсига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга бу даврда асосий иш жойидаги лавозим маошига нисбатан 20% миқдорида устама тўланади.

Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори кўрсаткичларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баробари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади.

Таълим ташкилотлари психологик хизмат ходимлари беш йилда камида бир маротаба малакасини ошириши шарт этиб белгиланади.

Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.

Институтда 2027 йил 1 январдан бошлаб Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат, Психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистон