Тошкентда маҳаллаларда микроўрмонлар, янги боғлар ва сояли сайр кўчалари ташкил этилади
Пойтахтнинг ҳар бир тумани учун алоҳида кўкаламзорлаштириш дастури ишлаб чиқилади. Мактаб ва боғча ҳовлиларида, шунингдек, кўп қаватли уйлар оралиғида дарахт ҳамда буталар экилади

Тошкент шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш, дарахтларни асраш ва аҳоли учун янада қулай экологик муҳит яратишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, ер майдони чекланган маҳаллалар, кўп қаватли уйлар оралиғи, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида микроўрмонлар ташкил этилади. 200–1 000 квадрат метр майдонларда ҳар бир квадрат метрга камида 2 тадан дарахт ва бута кўчатини зич экиш усули қўлланади.
Ер ажратиш имкони бўлмаган, бетон ёки асфальт қопламали ҳудудларда эса катта ҳажмли тувакларда кўчатлар экилиб, кичик жамоат боғлари ташкил этилади.
Тошкентда кузги кўчат экиш мавсуми 2026-йил 10-ноябрдан бошланиши белгиланди. Экиш майдонларини тайёрлаш, суғориш тизимларини созлаш, тупроққа ишлов бериш ва бошқа зарур агротехник тадбирлар олдиндан амалга оширилади.
2026-йил 1-октябрдан бошланган тозалик ва озодалик бўйича икки ойлик доирасида ариқлар, зовурлар ва каналлар чиқиндилардан тозаланади. Зарур жойларда таъмирлаш ишлари бажарилиб, ҳудудлар мавсумий ёғингарчиликларга тайёрланади.
Пойтахтда компостлаш ва мулчалаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунда шох-шаббаларни майдалаш, органик материаллардан фойдаланиш ва уларни дарахтлар ўсадиган очиқ тупроқ майдонларини парваришлашга йўналтириш кўзда тутилган.
2027-йил 1-январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида «Маҳаллани яшиллаштириш» пакети ҳамда «Яшил лот» тизимини жорий этиш назарда тутилган. Фуқароларнинг яшил боғлар ташкил этиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кўчат экиш ва парваришлаш ишларига жамоатчиликни жалб этиш режалаштирилган.
2026-йил 1-ноябргача туманларнинг яшиллик даражасини оширишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиши керак. Уларда яшил боғлар, сояли сайр кўчалари, сувни тежовчи суғориш тизимлари ва дарахтларни парваришлаш бўйича аниқ объектлар, муддатлар, маблағлар ва масъуллар белгиланади.





