Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларини қабул қилди

Томонлар давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Барча даражалардаги алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат муносабатлари тарихида янги механизм – Олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши тузилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари изчил ошиб бормоқда. «Шовот – Тошовуз» чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда учинчи Ҳудудлар форуми ва Туркманистон шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида «С5+1» форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердини қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Президент Администрациялари, парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқалар юксак баҳоланди.

Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва экология соҳаларида муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Самарали маданий-гуманитар алмашинувлар йўлга қўйилган.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда келгуси йилга мўлжалланган тадбирлар режасини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди. Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевни қабул қилди.

Ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатимиз етакчисига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Президентнинг жорий йил июль ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий ўсиш суръати, етакчи корхоналар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқалари йўлга қўйилгани, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлар даражасидаги алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.

Учрашув аввалида Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди.

Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон