«Миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланади» — Марко Рубио
Вашингтон Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Регистон майдонида журналистлар олдига бирга чиқди. У ўз сўзини Ўзбекистон томонига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдиришдан бошлади.
АҚШ Давлат котиби Самарқанд асрлар давомида жаҳон савдосининг муҳим чорраҳаси бўлиб келганини таъкидлаб, бугун бу ерга қарийб 300 та Америка компанияси вакиллари келганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ташриф якунлари бўйича миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Рубио АҚШ Ўзбекистон ва минтақа давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.





