Саида Мирзиёева ёқилғи-энергетика соҳасидаги Инвесторлар кенгашига раҳбарлик қилади

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика лойиҳалари йирик инвестициялар ва мураккаб инфратузилмани талаб қилишини таъкидлади

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ёнилғи-энергетика соҳасидаги Инвесторлар кенгашига раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ёнилғи-энергетика тармоғи инвесторлари билан очиқ мулоқотда маълум қилди.

Энергетика лойиҳалари катта сармоя ва мураккаб инфратузилмани талаб қилади. Ер ажратиш, тармоққа уланиш ёки техник шарт олишдаги биргина кечикиш ҳам бутун лойиҳага таъсир қилади.

«ACWA», «Vision Invest», «DataVolt», «Voltalia» ва «EDF» каби компаниялар бу масалаларни доимий мулоқот орқали ҳал қилишни таклиф этди.

Буни ҳисобга олиб, президент Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгашини ташкил этишга қарор қилганини таъкидлади. Кенгашга Президент Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева бошчилик қилади.

Кенгаш ер ажратишдан объект ишга тушгунига қадар сармоядорлар дуч келадиган масалаларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.

Биз энергетикага иқтисодиётнинг шунчаки бир тармоғи сифатида қарамаяпмиз. Бу – ўз келажагимиз ва фаровонлигимизнинг мустаҳкам таянчи. Бизга қуруқ сармоя эмас, қалбан боғланган ўзаро ишонч ва чин шериклик керак. Бугунги мулоқотимизнинг бош мазмуни ҳам шунда.

 

Ҳар бир янги лойиҳа ҳудудларимиздаги чинакам ўзгариш, одамларимизнинг ўз ҳаёти, ўз иши ва ўз тараққиёти учун мустаҳкам замин дегани. Шу боис, ҳамкорлигимиздаги бош тамойил битта: сизнинг инвестициянгиз мамлакатимиз тараққиётига қанчалик нур олиб кирса, юртимиздаги юксалиш сизнинг ўз муваффақиятингизга шунчалик кенг йўл очади. Чин маънодаги шериклик бу – ўзаро ишонч, ўзаро масъулият ва ўзаро манфаатдир, – деди президент.

Давлат раҳбари инвесторларнинг асосли таклифларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шундан сўнг сармоядорлар билан бевосита мулоқот қилинди.

Ўзбекистон