Ўзбекистонда 2030 йилга келиб йилига 129 млрд кВт·соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилади
Президент барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар инвестициясини жалб қилиш ва одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи учун муҳимлигини таъкидлади

Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда.
Давлат раҳбари энергетикани тараққиётнинг юраги деб атаб, барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар сармояси ва одамларнинг эртанги кунга ишончи учун муҳимлигини таъкидлади.
Хусусан, ўн йил аввал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш, эскирган қувватларни янгилаш ва ўсиб бораётган талабни қоплаш вазифалари белгилаб олинган эди. Бунинг учун энергетика бозори хусусий сармояга очилди, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди. Ўтган даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилди, ҳамкор давлатлар сони 2-3 тадан 10 тадан ортиққа етди.
Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами генерациядаги улуши 31%га кўтарилди. «Яшил» қувватлар 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда. Аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш 28%га ошиб, 2 минг 300 киловатт-соатга етди.
Бугун умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион долларлик 6 та йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт генерация ва 400 мегаватт энергия сақлаш қуввати яратилади.
Давлат раҳбари ўтган йилларда энергетика лойиҳаларини тайёрлаш ва инвесторлар билан ишлаш бўйича катта тажриба тўпланганини қайд этди. Энди ҳамкорликнинг янги босқичига ўтилади: ҳар бир инвестиция янги қувват яратиш билан бирга таъминот ишончлилигини ошириши ва йўқотишларни камайтириши керак.
2030-йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратиш мақсад қилинган. Натижада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 129 миллиард киловатт-соатдан ошади, қайта тикланувчи энергия улуши 54%га етади.
Яқинда имзоланган фармон билан ёқилғи-энергетика соҳасида давлат ва бизнеснинг вазифалари аниқ ажратилди. Янги босқичда лойиҳалар очиқ рақобат, шаффоф қоидалар ва келишилган шартларнинг изчил бажарилиши асосида амалга оширилади.





