Ўзбекистонда айрим шахсларнинг дахлсизлиги ва иммунитетини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Мамлакатда дахлсизлик ва иммунитетдан фойдаланувчи шахслар тоифаларини чегараловчи қонун қабул қилинди

Ўзбекистонда дахлсизлик ва иммунитетдан фойдаланувчи шахслар тоифаларини чегараловчи қонун қабул қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат дахлсизлик ва иммунитетдан фойдаланадиган шахслар тоифаларини ажратиб кўрсатади. Биринчисига қуйидагилар киради:

• Қонунчилик палатаси депутатлари;

• Олий Мажлис Сенати аъзолари;

• инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман);

• бола ҳуқуқлари бўйича вакил;

• судьялар;

• прокурорлар, терговчилар ва суриштирувчилар;

• адвокатлар;

• Марказий сайлов комиссияси аъзолари;

• Президентликка номзодлар (номзод мақоми амал қилган даврда).

Президент Администрациясининг раҳбар ходимлари учун хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликка нисбатан дахлсизлик ишдан бўшатилгандан кейин беш йил давомида сақланиб қолади.

Иммунитет Президентга, Президент Администрациясининг мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, Президент Администрациясининг раҳбар ходимларига зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши муносабати билан татбиқ этилади.

Қонунда дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларни ушлаб туриш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига олиб бориш тақиқланади, Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган уч соатгача ушлаб туриш бундан мустасно. Бундай шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тегишли палата, Президент ёки бошқа ваколатли органнинг розилигини талаб қилади. Хусусан, Президент Администрациясининг раҳбар ходимларига нисбатан Бош прокурор тақдимномасига асосан Президентнинг ёзма розилиги талаб этилади.

Дахлсизлик ва иммунитет талаблари бузилган ҳолда олинган далиллар номақбул деб топилади ва иш материалларидан чиқарилади. Дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг телефон сўзлашувларини эшитиб туришга ва ёзишмаларини назорат қилишга фақат суднинг қарори ёки Бош прокурорнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

Шунингдек, бундай шахсларни суд тартибида маъмурий жавобгарликка тортишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан суд қарори билан маъмурий жазо қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсни била туриб қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, мажбурий келтириш, унга нисбатан тергов ҳаракатларини ўтказиш, шунингдек, бундай ҳаракатларни ўтказиш тўғрисида буйруқ ёки топшириқ бериш учун озодликни чеклаш билан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Агар бундай қилмиш такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, далилларни сохталаштириб, қамоққа олиб ёхуд қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Бундан ташқари, Президент Администрацияси мансабдор шахслари ва раҳбар ходимларининг хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарар Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бундай ҳолларда ушбу шахсларга нисбатан регресс талаб қилиш ҳуқуқи қўлланилмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон