Самарқандда зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилиш маркази ташкил этилади

20 октябрдан бошлаб «Нажот» марказида вояга етмаган жабрланувчиларни сўроқ қилиш ва асосан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳамда фойдаланиш билан боғлиқ ишлар бўйича бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказилади

Самарқандда зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилиш учун «Нажот» маркази ташкил этилади. Бу чора Президент қарорида назарда тутилган, деб хабар беради Norma.

Марказ фаолиятини ташкил этиш учун 4 та штат бирлиги ажратилиши, зарур ҳолларда психологлар, психиатрлар, махсус педагоглар, реабилитологлар ва бошқа соҳа мутахассислари жалб этилиши кўзда тутилган.

20 октябрдан бошлаб марказнинг ихтисослаштирилган хоналарида вояга етмаган жабрланувчиларни сўроқ қилиш, экспертиза учун намуналар олиш, таниб олиш ва бошқа процессуал ҳаракатлар асосан жинсий зўравонлик ва болаларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ муайян тоифадаги жиноятлар бўйича ўтказилади. Янгилик Самарқанд вилояти ҳудудида содир этилган жиноятларга нисбатан татбиқ этилади.

Процессуал ҳаракатларни марказ психологининг хулосасини ҳисобга олган ҳолда прокуратуранинг махсус тайёрланган ходими ўтказиши керак. Уларда боланинг қонуний вакили, унинг адвокати, терговчи, экспертлар, ижтимоий ходим ва психолог ҳам иштирок этади.

Барча ҳаракатлар аудио ва видео қайд этилиши шарт бўлади. Олинган ёзувлар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади ва бола чақирилмасдан судда фойдаланилиши мумкин. Бунда ёзувларни марказда сақлаш, учинчи шахсларга бериш ёки ҳар қандай шаклда тарқатиш тақиқланади.

Шунингдек, жабрланувчи боланинг гумон қилинувчи, айбланувчи, уларнинг яқинлари ва ҳимоячилари билан боланинг қонуний вакили иштирокисиз бевосита алоқада бўлишига йўл қўйилмайди.

2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида 10 нафардан адвокатни халқаро стандартлар асосида болалар билан ишлаш бўйича махсус дастурлар бўйича ўқитиш режалаштирилган. 2027 йил 1 январдан бошлаб тайёрланган адвокатлар жиноят ишлари бўйича жабрланувчи деб топилган ёки гувоҳ сифатида жалб қилинган болаларга давлат юридик ёрдамини кўрсатади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1246 қисқа рақамли туну кун ишлайдиган ишонч телефони 112 ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади. Бу мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва автоматик қайта ишлаш, шунингдек, уларни тегишли давлат органларига юбориш имконини беради.

Бундай мурожаатларни олган идоралар уларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқишлари ва натижалари тўғрисида ариза берувчи ёки унинг қонуний вакили, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва тегишли прокурорни хабардор қилишлари шарт.

Ўзбекистон