Тошкент вилоятида ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

Мансабдор тадбиркордан туман ҳокимлиги балансида бўлган ер майдонини аукционга чиқаришда ёрдам бериш эвазига 25 минг доллар талаб қилган

Тошкент вилояти Тошкент тумани ҳокими ўринбосари катта миқдордаги пора билан ушланди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.

Мазкур мансабдор тадбиркорга қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқариш саноат мажумаси ташкил этиши учун туман ҳокимлиги балансида бўлган 1 гектар ер майдонини давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали аукцион савдоларга чиқариб, олиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми г банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми а банди жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон