Ўзбекистонда эрта никоҳ тузганлик учун жарима миқдори оширилди

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун билан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жазо кучайтирилмоқда

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.

Тегишли ҳужжат билан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жазо кучайтирилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан амалда никоҳ муносабатларига киришиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (илгари 5 бараваридан 10 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни никоҳга бериш ёки унинг никоҳланишига кўмаклашиш ҳаракати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 25 бараваригача (илгари 7 бараваридан 15 бараваригача) миқдорда жарима белгиланган.

Никоҳи қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилмаган шахслар (шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахслар иштирокидаги ҳолатлар) учун диний никоҳ маросимини ўтказганлик учун жарима миқдори ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг 30–50 бараваригача (илгари 15–30 баравар эди) оширилди.

Ўзбекистон