Саида Мирзиёева Туркия билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Стамбулга ташриф чоғида президент Администрацияси раҳбари Ибн Халдун университети ҳамда «Yenidog‘u» мактабига ташриф буюрди

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нажмиддин Билол Эрдўған билан биргаликда Истанбулдаги Ибн Халдун университети ва «Yenidog‘u» мактабида бўлди.
Мирзиёева ушбу муассасаларнинг ўқитиш услублари ҳамда ёндашувлари катта қизиқиш уйғотганини билдирди. Хусусан, у ерда таълим сифатига, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва мустақил фикрлашини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бундай илғор амалиёт ўзаро ҳамкорлик учун кенг йўл очади. Ташриф давомида таълим масканларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда мактаб ўқувчилари, талабалар, педагоглар учун янги имкониятлар яратишга келишиб олдик, — деди Мирзиёева.
Администрация раҳбари таълим соҳаси Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муҳим қирраларидан бири эканини таъкидлади. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ёшларнинг ўқиб-ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши ва бир-бирини яқиндан танишига хизмат қилиши қайд этилди.





