Болаларга нисбатан зўравонлик ва педофилия учун жазо кескин оғирлаштирилди
Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортишнинг даъво муддатида ҳеч қандай чеклов бўлмайди

Ўзбекистон Президенти болалар дахлсизлигини таъминлаш мақсадида бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унга кўра, болага жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими, хоҳ яқин қариндоши бўлсин — албатта жавобгарликка тортилади. Энг муҳими, боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун тайинланган жазо ҳеч қандай ҳолатда енгиллаштирилмайди.
Қонунчиликдаги энг муҳим ва жамият узоқ вақтдан бери талаб қилаётган ўзгариш вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ. Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий тажовуз қилган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси берилади. Шунингдек, бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортишнинг даъво муддатида ҳеч қандай чеклов бўлмайди (яъни орадан қанча йил ўтишидан қатъи назар, жиноятчи жазоланади).
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур ўзгаришларни шарҳлар экан, ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмаслигини, жазо муқаррар ва муросасиз бўлиши шартлигини таъкидлаган.
«Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт», дейилади хабарда.





