Ўзбекистонда иссиқхоналарга «яшил» технологияларни жорий этиш учун имтиёзлар берилади

Махсус иссиқлик сақловчи қоплама, энергия тежакор ва экологик тоза «яшил» иситиш тизимларидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларига иссиқхоналар фаолияти учун истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50% миқдорида субсидия ажратилади

Ўзбекистон президентининг «Илғор яшил» технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, иссиқхона хўжаликларига имтиёзлар берилади ва қўллаб-қувватланади. Хусусан, фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60% ташкил этган тадбиркорлик субъектларига 2027-йил 1-январдан 2030-йил 1-январга қадар юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқлари ставкалари 50% камайтирилади. Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади.

Шу билан бирга, 2026-йил 1-ноябрдан 2030-йил 1-апрелга қадар иссиқлик энергиясини тежовчи самарадор ҳамда экологик тоза «яшил» иситиш воситаларидан (иссиқлик насослари, геотермал иситиш тизимлари, қуёш иссиқлик тизимлари, электр энергияси асосидаги юқори самарали иситиш тизимлари) фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига октабр–март ойларида иссиқхона фаолияти учун истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50% миқдорида субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, қарорда аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни энергия тежамкор технологияларга ўтказиш ва экологик барқарорлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилган.

Жумладан, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан 2030-йил 1-январга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Тўрақўрғон туманларида аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарни иситиш учун қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 40%, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.

Бунда қуёш панеллари учун субсидия улар иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ёки бошқа энергия тежамкор ускуналар билан биргаликда ўрнатилганда ажратилади. Қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситиш мосламалари ва бошқа энергия тежамкор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали амалга оширилади.

Қолаверса, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 2026-йил 1-декабрга қадар Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларидаги иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада «Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Ижтимоий реестрга киритилган биттадан оиланинг хонадонида майдони 4 сотихдан кам бўлмаган, иссиқлик энергиясини тежовчи энергия самарадор «яшил» иситиш воситалари билан жиҳозланган иссиқхоналарни ташкил этиш учун ҳар бир оилага 200 миллион сўмгача миқдорда субсидия ажратилади.

Мазкур қарор иссиқхона хўжаликларида замонавий, энергия тежамкор ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш, иссиқхона хўжаликларининг барқарор фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳоли томорқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон