Ўзбекистонда халқаро курьерлик жўнатмаларини расмийлаштириш учун божхона йиғими пасайтирилади
Жорий йилнинг 1 ноябридан амалдаги ставка 20% га камайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжат билан 2026–2030 йилларда транспорт-логистика тизимини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Хусусан:
• Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади;
• транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг E-logistika платформасига уланади;
• 2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади (бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга киритилган, тизимларни жорий этган ва E-logistika платформасида BB ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт);
• транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.
Шунингдек, 2026 йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20%га пасайтирилади. Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача M₂, M₃, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт қилиши мумкин, — дейилади хабарда.





