Гулистонда нарколаборатория фош қилинди

Уч нафар маҳаллий аҳоли кўп қаватли уйлардан бирида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва уларни сотиш билан шуғулланган

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ташкил этилган нарколаборатория фош қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Хусусан, 2003 ва 2005-йилларда туғилган 3 нафар маҳаллий фуқаро кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда кучли таъсир қилувчи моддаларга қайта ишлов бериб, сотиш билан шуғулланишган.

Холислар иштирокида ушбу манзилдан 5 кг 863 гр «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси, 100 минг дона бўш капсулалар, 2 дона электрон торози, тиббий қўлқоплар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 276¹-моддаси 2-қисми б банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон