Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади

Депутатлар хизмат вазифалари ёки топшириғини бажариш давомида яратилган асарларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда тарафларнинг шартнома эркинлигини таъминлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар беради.

Қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарлар, жумладан адабий, сценарий, мусиқали, хореография, аудиовизуал, архитектура, дизайн каби асарларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлиги таъминланмоқда.

Хусусан, хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг ўн йилдан кейин автоматик равишда муаллифга ўтиши ҳақидаги норма бекор қилиниб, мазкур муносабатларни шартнома асосида белгилаш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш билан бир қаторда, бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтириб, бузилган ҳуқуқларни тиклашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси билан ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси ва селекция ютуқларига оид патентларнинг амал қилишини сақлаш учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда.

Таъкидланишича, бу ҳуқуқ эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш, патентларнинг техник сабабларга кўра амалдан чиқиб кетишининг олдини олиш ҳамда интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланишни таъминлашга имкон беради.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон