Марказий банк молиявий талабларни бузганлик учун 8 та банкни жаримага тортди

Жарима чоралари қонунчилик талабларига риоя этилмагани сабабли қўлланилган

Ўзбекистон Марказий банки молиявий нормативларни ва қонунчилик талабларини бузган 8 та банкка нисбатан жарима қўллади. Тегишли қарорлар регуляторнинг сентябрь ойидаги назорат натижаларига кўра қабул қилинган.

Банк назорати қўмитаси томонидан 2026-йилнинг сентябрь ойида ўтказилган йиғилишлар давомида 37 та масала кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 16 та масала кўриб чиқилди.

Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ҳамда ташкилотларнинг молиявий хизматларини «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Натижада, қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги, шунингдек, инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 8 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Ўзбекистон