Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида автобуслар учун ажратилган йўлакларда ҳаракатни назорат қилувчи камералар ўрнатилди

Камералар 6 километрлик йўл кесимининг ҳар икки томонига ўрнатилди

Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли кўчасида автобуслар учун ажратилган «А» йўлакларида ҳаракатни назорат қилувчи камералар ўрнатилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида барча йўл ҳаракати иштирокчилари — пиёдалар, жамоат транспорти йўловчилари ва ҳайдовчилар манфаатлари ҳисобга олинган хавфсиз, замонавий ва қулай шаҳар муҳитини яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада пойтахтнинг транспорт инфратузилмаси босқичма-босқич ривожлантирилмоқда: янги БРТ йўлаклари барпо этилмоқда, автобуслар учун ажратилган йўлаклар тармоғи кенгайтирилмоқда, йўл ҳаракатини ташкил этиш тизими такомиллаштирилмоқда.

Шу муносабат билан Фарғона йўли кўчасининг 6 километрли қисмида, ҳар икки йўналишда «А» ажратилган йўлаклар бўйлаб ҳаракатланишни назорат қилувчи камералар ўрнатилди, — дейилади хабарда.

Шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида пойтахтнинг бошқа кўчаларидаги ажратилган йўлакларда ҳам назорат камералари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.

Маълумот учун, соат 06:00 дан 23:00 гача «А» ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлмаган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

 

Ўзбекистон