Ўзбекистонда хориждан юборилган қарийб 25 кг кучли таъсир қилувчи модда тўхтатиб қолинди

Мазкур моддалар курьерлик фаолияти билан шуғулланувчи фирма орқали келтирилган

Хориждан курьерлик хизмати орқали олиб келинган катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи модда ушлаб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, Хитой давлатидан юборилган жўнатмани курьерлик фаолияти билан шуғулланувчи фирманинг Тошкент шаҳридаги офисида қабул қилиб олган вақтида Юнусобод туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс ва унинг 1998 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ҳозирда Чилонзор туманида вақтинча истиқомат қилувчи таниши ушланди.

Чет мамлакатдан юборилган жўнатма очиб кўрилганда, унинг ичида оқ рангли кукунсимон кўринишдаги 24 кг 974 гр «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон