Қашқадарёда сел оқими автомобилни оқизиб кетди: бир нафар йўловчи ҳалок бўлди

Сел оқими Damas’ни ичидаги йўловчиси билан бирга оқизиб кетди. Ўтказилган қидирув-қутқарув ишлари давомида ҳалок бўлган фуқаронинг мурдаси топилди

Қашқадарё вилоятида сел оқими Damas автомобилини оқизиб кетди, бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, 2026-йил 13-октабр куни соат 17:30 ларда Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши натижасида «Қўнғирот» МФЙ Шакарбулоқ қишлоғи ҳудудидан сел-сувлари оқими ўтган.

Маълумотларга кўра, йўлдан адашган Damas автомобил ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи йўналишни аниқлаш мақсадида сел оқими ўтадиган ҳудудда тўхтаган. Автомобил сирпаниб, сел йўлининг чуқурроқ қисмига тушган.

Шундан сўнг ҳайдовчи транспорт воситасидан тушиб, телефон орқали боғланишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ сел оқими натижасида Damas автомобил ва унинг ичидаги йўловчини оқим олиб кетган. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида йўловчи фуқаронинг жасади топилган. Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, ФВБ ва ИИБ масъуллари жалб этилган.

Ўзбекистон