Тошкентда КҲАЙнинг 10 километрлик қисмида светофорлар иши мувофиқлаштирилди

Мувофиқлаштириш Олмазор туманидаги Беруний кўчаси билан кесишган жойдан Мирзо Улуғбек туманидаги Катта Дархон кўчаси билан кесишган жойгача бўлган қисмда ўтказилди

Тошкентда Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг 10 километрлик қисмида 21 та светофорнинг иши мувофиқлаштирилди. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мувофиқлаштириш ишлари, Кичик ҳалқа автомобил йўлининг Олмазор туманидаги Беруний кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Мирзо Улуғбек туманидаги Катта Дархон кўчаси билан кесишган чорраҳасигача бўлган 10 километрлик қисмида амалга оширилган.

Натижада ушбу масофани босиб ўтишга кетадиган вақт 23%га қисқарган.

Таъкидланишича, авваллари светофорларнинг ўзаро етарлича мувофиқлаштирилмагани сабабли автомобиллар кўпроқ тўхташга, ҳайдовчилар эса чорраҳаларда ортиқча вақт кутишга мажбур бўларди.

Энди эса, светофорлар фаолияти ўзаро мувофиқлаштирилиб, уларнинг сигналлари алмашиниш кетма-кетлиги шундай созландики, транспорт воситалари чорраҳалардан камроқ тўхтаб ўтиши учун қулай шароит яратилди.

Оптималлаштиришдан олдин: 26 дақиқа. Оптималлаштиришдан кейин: 20 дақиқа. Бир марталик қатновда 6 дақиқа вақт тежалмоқда. Йўлга кетадиган вақт 23 фоизга қисқарди, — дейилади хабарда.

Транспорт энг кўп ҳаракатланадиган соатларда эса йўлга кетадиган вақт автомобиллар оқими ва йўлдаги ҳақиқий вазиятга қараб фарқ қилиши мумкин.

Ўзбекистон