Тошкентда сохта колл-марказ фаолиятига чек қўйилди

Гумонланувчилар фуқароларга турли банклар номидан қўнғироқ қилиб, гўёки фирибгарлар уларнинг номига кредит расмийлаштиришга уринаётганини маълум қилишган

Тошкентда ноқонуний GSM-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта колл-марказ ташкил қилган жиноий гуруҳ фош этилди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005-йиллар оралиғида туғилган 5 нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижрага олиб, сохта колл-марказ ташкил этишган.

Гуруҳ билан алоқадор бўлган, 1989 й.т. фуқаро эса ўзганинг яшаш хонадонини ижарага олиб, колл-марказ фаолиятида фойдаланиш мақсадида ушбу манзилга GSM-шлюз қурилмасини ўрнатган.

Тошкент вилоятида яшовчи, 1979 й.т., муқаддам судланган шахс раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офиси киберхавфсизлик бўлими ишчиси ҳам бўлган.

Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит олишга уриниш бўлаётганлигини айтиб, алдов йўли билан жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш орқали, уларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ўзлаштиришган ҳамда номларига онлайн кредитлар расмийлаштиришган.

Натижада жиноий йўл билан топилган жами 8 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағаларини криптовалюта кўринишида сохта МЧЖ орқали хорижий давлатга олиб чиқиб, легаллаштиришган.

Қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида уларга алоқадор бўлган 10 нафар шахс аниқланди.

Ўзбекистон