Ўзбекистонда иш жойларида тазйиқ, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш бўйича Миллий дастур амалга оширилиши бошланмоқда
Тошкент, 2026-йил 15-октабр. Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини таъминлаш бўйича Миллий дастурни амалга ошириш бошланмоқда

Дастурни ишлаб чиқиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офиси томонидан мувофиқлаштирилди. Мазкур офис дастур ижросини ҳам мувофиқлаштириб боради.
Дастур ходимларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, тазйиқ, зўравонлик ва камситиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.
Дастурни амалиётга жорий этиш бўйича галдаги вазифалар Тошкент шаҳрида давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Тадбирда 70 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офисининг бош координатори Нозимахон Давлетова, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Артикова ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Маҳл табрик сўзи билан чиқиш қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Маҳмудова ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади:
Бугунги вазифамиз — қонунчиликда белгиланган кафолатларни амалиётда ҳақиқатан ҳам самарали ишлайдиган механизмларга айлантириш. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда ушбу чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарорининг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офисининг бош координатори Нозимахон Давлетова эса ушбу ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ислоҳот туфайли биз ҳар бир инсонга, эркак ёки аёл бўлишидан қатъи назар, институтлараро ҳурматни шакллантириш механизмини яратмоқдамиз. Бу ҳар бир ташкилотда меъёрга айланиши керак. Ўзаро ҳурмат маданияти Янги Ўзбекистонимиз учун соғлом жамият ва келажакнинг кучли кадрларини шакллантиради.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде қуйидагиларни қайд этди:
Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларни ишлаб чиқишда УНФПА етакчи экспертлик ва техник кўмак кўрсатганидан фахрланамиз. Бугун қонунчилик даражасида қабул қилинган қарорларни амалиётга татбиқ этиш босқичига ўтмоқдамиз. Мақсадимиз — ушбу ўзгаришларни ташкилотлар фаолиятида мустаҳкам қарор топтириш ва ҳар бир инсон учун янада хавфсиз ҳамда ҳурматга асосланган иш муҳитини яратишга ҳисса қўшишдир.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Маҳл ўз чиқишида мазкур йўналишда ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади:
Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини яратиш биргина идора ёки алоҳида соҳанинг вазифаси бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун барча давлат тузилмаларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлари, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг экспертлик кўмаги зарур.

Миллий дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 21-сентябрдаги «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–345-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 28-сентябрдаги 518-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.





