Санэпидқўмита: «Мамлакатда қизамиқ касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор»
Таъкидланишича, қизамиқ билан касалланиш кўрсаткичи 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 40%га камайган

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қизамиқ касаллигига гумон қилинган 290 та ҳолат қайд этилгани, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 10 минг нафардан зиёд шахс рўйхатга олингани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Ҳолат юзасидан, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси изоҳ берди.
Аввало шуни айтиш керакки, айни пайтда нафақат пойтахт, балки бутун мамлакатимизда қизамиқ касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Ижтимоий тармоқларда тарқалган рақамлар эса 2026-йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида қайд этилган жамланма кўрсаткичдир. Шу боис мазкур рақамларни қисқа вақт ичида аниқланган ёки айни кундаги ҳолат сифатида талқин қилиш тўғри эмас, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қизамиқ билан касалланиш кўрсаткичи 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 40%га камайган. Шундай экан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан маълумотларни нотўғри талқин қилмаслик сўралди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Тошкент шаҳрида режали эмлаш доирасида 47 минг 494 нафар 1 ёшли ва 42 минг 767 нафар 6 ёшли бола КПК (қизамиқ, эпидпаротит, қизилча) вакцинаси билан эмланди.





