Тошкентда 17 ёшли курьерни ҳақорат қилган ресторан ходими 5 суткага қамалди

Суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «майда безорилик» моддаси бўйича айбдор деб топди

Тошкентнинг Миробод туманида вояга етмаган курьер билан можарога киришиб, уни ҳақорат қилган рестораннинг 36 ёшли ходимига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар беради Daryo нашри суд қарорига таяниб.

Ходиса 17 октябрь куни Ислом Каримов кўчасида жойлашган Brasserie Park ресторани олдида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ресторан ходими скутердаги курьер тўхтатиб, уни ҳақорат қилган. Курьер эса ҳаракатни навигатор кўрсатган йўналиш бўйича давом эттирганини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, курьер ресторан томонидан ноқонуний эгаллаб олинган пиёдалар йўлаги орқали ўтмоқчи бўлган. Ходим эса уни тўхтатишга уриниб, жамоат жойида жанжал келтириб чиқарган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодисадан сўнг «Мовий гумбазлар» аллеясида жойлашган рестораннинг ёзги майдончаси қанчалик қонуний ўрнатилгани текширилди.

Текширув давомида ҳудуддан фойдаланиш талаблари, жумладан, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига оид қоидалар бузилгани аниқланди. Шундан сўнг йўлак рестораннинг стол ва стулларидан бўшатилди.

Ўзбекистон