«UzAuto Motors» Асака заводида режали модернизация ишларини олиб бормоқда

«Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги энг йирик корхона ҳисобланган — «UzAuto Motors» АЖ Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан жалб этилган 170 нафар мутахассис билан ҳамкорликда Асака шаҳридаги заводининг ишлаб чиқариш линияларини режали модернизация қилишни йўлга қўймоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳамда конвеерларнинг ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида корхонада техник ишлар олиб борилиши натижасида ишлаб чиқариш линияларининг ишлаши вақтинча тўхтатилади. Ушбу модернизация Chevrolet Cobalt автомобилларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 30 минг донага ошириш имконини беради.

Модернизация режасига асосан янги ускуналардаги носозликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш линияларига техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, завод инфраструктурасини янгилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бажарилади.

Хусусан, модернизация режаси доирасида  Пресслаш цехида янги «FANUC» (Япония) роботлаштирилган тизиминининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш ишлари олиб борилади. Бўёқлаш цехида амалга ошириладиган модернизация ишлари эса конвеер релсларини алмаштириш, цехдаги роботлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, бўяш жараёнида ишловчи барча тизимларни синовдан ўтказишни ўз ичига олади.

Йиғув цехининг иккита линиясида ҳам ишлаб чиқариш тезлигини ошириш имконини берувчи кенг кўламли ишлар амалга оширилади яъни биринчи линияда ишлаб чиқариш тезлиги 35 JPHга (соатига автомобиллар), иккинчи линияда бу кўрсаткич 30 JPHга етказиш имконияти яратилади. Бу ўз навбатида, барча автомобил моделларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Иккинчи линиянинг модернизация қилиниши Chevrolet Cobalt автомобилининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 30 000 донага ошириш имконини беради.

Модернизация дастури, шунингдек, корхона инфратузилмаси ҳамда ёрдамчи ускуналарни таъмирлаш ва камчиликларни бартараф этиш ишларини ҳам ўз ичига олган.  Иш жараёнида электрон техникалар жумладан, автоюклагичлар, электротракторлар, контейнер майдонидаги хавозали кранлар ва бошқа жиҳозлар тўлиқ шай ҳолатга келтирилади. Заводда электр энергиясини барқарор таъминлаш мақсадида корхонанинг асосий трансформатори ва 2 та ёрдамчи трансформатор стансияси ҳам алмаштирилади. Бундан ташқари, корхонада бутун электр таъминоти тизимида профилактика ишлари олиб борилади.

Асака шаҳридаги UzAuto Motors заводида янги ускуналарни ўрнатиш ва носозликларини бартараф этиш бўйича асосий ишлар билан бир қаторда пресслашнинг барча агрегатлари, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш цехларида режали профилактика ишлари олиб борилади.

Асака шаҳридаги «UzAuto Motors» заводида амалга оширилаётган режали модернизация ишлари бир неча кундан буён ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, бундай модернизация ва профилактика ишлари заводда мунтазам равишда амалга оширилади ҳамда бу корхона фаолиятининг нарх билан эмас, балки техник масалалари билан боғлиқ.

Аввал хабар қилинганидек, «UzAuto Motors» заводи жорий йилнинг май ойидан бошлаб 24/7 режимида тўлиқ қувватда ишлаб, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича рекорд кўрсаткични қайд этди.

Шунингдек, эслатиб ўтамиз мазкур ишлар режалаштирилган ва истеъмолчиларга автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди.

Янгиликлар