Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилади

Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг йиғилиш баёни қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш баёнига кўра, 10 август кунидан бошлаб, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази шаҳар ва туманлар бўлимларининг хулосаси ҳамда сектор раҳбарлари билан келишилгандан сўнг ҳокимларнинг кафолат хатлари асосида Бухоро вилояти ҳудудидаги

  • умумий овқатланиш шoхобчалари (ресторан ва кафеларда банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди);
  • меҳмонхоналар;
  • индивидуал шуғулланиш учун тренажёр заллар;
  • нодавлат таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, машғулотлар вақтини олдиндан келишган ҳолда);
  • нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
  • буюм, қурилиш моллари савдоси ва бошқа фаолият тури билан шуғулланадиган бозорлар;
  • сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат берилади.

Мазкур муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва мажмуалар фаолиятини йўлга қўйишда белгиланган шартларга амал қилиниши шарт. Aкс ҳолда уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.

Қолаверса, 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида вилоят миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Бунда автомобиллар ҳаракатига фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун рухсат этилади. Беморларни олиб кетаётган транспорт воситаларидан махсус рухсатнома сўралмайди.

Бундан ташқари, Бухоро ва Когон шаҳри ҳамда туманлар марказларига автотранспорт воситаларининг кириб-чиқишини назорат қилувчи блок-постлар фаолияти тўхтатилади.

  • Aҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарларига 8—9 август кунлари ходимларни ишга жалб этмаслик, уларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш;
  • аҳолига “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия этилади.

Aввалроқ Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Aзиз Aбдуҳакимов карантин чекловлари қандай шароитда бекор қилиниши мумкинлиги ҳақда айтиб ўтганди. Таъкидланишича, 15 августдан кейин карантин чекловлари эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб белгиланади.

Янгиликлар