Тошкентда коронавирусга чалинган 64 ёшли бемор вафот этди. Ўзбекистонда инфекция қурбонлари 147 кишига етди

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 64 ёшли эркак 1 август куни ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаро A.Т.да 25 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли ётқизилган. Беморга  COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган. Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Aввалроқ Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли эркак ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар