Фарғонада 4 нафар пиёданинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 9 йилга қамалди
Teznews.uz нашри шу йилнинг март ойида Фарғона вилоятининг Данғара туманида содир бўлган ҳалокатли воқеа ҳақида ёзган эди. Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, яқинда фожияга сабабчи бўлган шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса «Қўқон-Мулкобод-Гулбоғ-Пунган» автомобиль йўли участкасида содир бўлган. «Cobalt» ҳайдовчиси Ш.В бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги беш нафар пиёдани уриб юборган. Шундан сўнг фуқаро воқеа жойидан қочиб кетган.
Фалокат оқибатида, икки фуқаро воқеа жойида, яна икки нафари шифохонада вафот этгани маълум қилинган.
Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, яқинда ушбу шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган. Маълум бўлишича, ҳайдовчи ЙТҲ вақтида маст бўлиб, Тропикамид препаратини ҳам қабул қилган.
Шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Қўқон шаҳар суди фуқарони айбдор деб топди.
Натижада Ш.В 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, 3 йил муддатгача транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.