Самарқанд аҳолисининг қанча қисми хорижда ишлаётгани маълум бўлди

Самарқанд вилояти аҳолисининг қанча қисми хорижий давлатларда фаолият юритаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси «Zarnews»га хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят аҳолисининг 252 033 нафари ёки 6,6 фоизи хорижда ишламоқда. Шундан 7699 нафари расмий (4,3 фоиз), 170 822 нафари норасмий (95,7 фоиз) фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг 74 минг 15 нафари (29 фоиз)ни аёллар, 178 минг 18 нафари (71 фоиз)ни эркаклар, 76 минг 908 нафарини 16—30 ёшдагилар (30 фоиз) ташкил этади. Меҳнат мигрантларининг асосий қисми Россия (64 фоиз), Қозоғистон (14,6 фоиз), Туркия (8,9 фоиз), Жанубий Корея (2 фоиз) ва бошқа (10,5 фоиз) давлатларга тўғри келади.

Самарқанд вилоятидан хорижга ишлашга кетган мигрантларнинг асосий қисми, яъни 150 минг 967 нафари қурилишда (59,9 фоиз), 34 минг 24 нафари саноат корхоналарида (13,5 фоиз), 24 минг 195 нафари қишлоқ хўжалиги корхоналарида (9,6 фоиз), 42 минг 845 нафари эса бошқа йўналишларда (17 фоиз) иш билан бандлиги маълум қилинган.

Аввалроқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 378 минг доллар иш ҳақи ундириб берилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ва Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари учун 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар