Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатади
Шавкат Мирзиёев «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги «Tez News»га хабар берди.
Қарорга кўра:
1. Жорий қилинаётган хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимининг 6 та асосий йўналиши белгиланаётгани қайд этилган. Мазкур йўналишлардан:
- ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилади, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамланади;
- хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитилади, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар берилади;
- меҳнат мигрантларин молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади;
- меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилинади, шу жумладан, уларнинг бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.
2. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг иши қуйидаги тартибда ташкил этилади:
- ҳокимлар ҳудудий филиалларга умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;
- ҳудудий филиал раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчилари ҳисобланадиган бўлди;
- ҳокимликлар маҳаллий буджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудудий филиалларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолиятига малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўради.
3. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига қуйидаги ҳуқуқлар берилиши белгиланган:
- хорижий иш берувчилар ва уларнинг вакиллари билан бевосита келишувлар тузиш ҳамда тузилган келишувларга асосан фуқароларни ишга юбориш;
- хорижий мамлакатларнинг ҳудудий миграция ва бошқа давлат органлари билан алоқалар ўрнатиш ва музокаралар ўтказиш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
- халқаромолия институтлари миграция соҳасини ривожлантиришга ажратиладиган грантларини жалб қилиш.
4. 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни, ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилиниши қайд этилган.
Мазкур ишни амалга ошириш учун 13 та «Ишга марҳамат» мономарказлари, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 11 та Тошкент шаҳри туманларидаги қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ҳамда 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларига қўшимча равишда қуйидагилар:
- 13 та коллеж ва 13 та техникумда (жами йиллик қуввати 20,2 минг ўқувчи) меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли (3 ойгача) касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади;
- қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари хорижий йирик иш берувчиларнинг (Россиянинг «НИПИГАЗ» АЖ, «Renaissance Heavy Industries», Б.Т.К ГРУП, Туркиянинг «ANT YAPI», «Tayga Grupp», БААнинг «Tadbeer» ташкилотлари) талабларига мослаштирилади;
- хорижий йирик иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари билан алоқалар ўрнатилади ҳамда қисқа муддатли курсларда улар учун зарур бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрланади;
- Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қисқа муддатли курсларга хориждаги йирик корхоналарнинг малакали мутахассислари ва етакчи таълим муассасаларининг педагог кадрлари жалб қилинади.
5. 2021 йил 1 январга қадар қуйидагилар ташкил этилади:
- Япония иш берувчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида «Япон тили ва касбий малака» тест маркази;
- Россияниниг Пайвандчилик назорати миллий агентлиги билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида пайвандчилар мактаби;
- Бирлашган Араб Амирликларининг рекрутинг «Tadbeer» марказлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида хизмат соҳасида фаолият кўрсатадиган ишчиларни тайёрлаш ўқув маркази;
- Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбга тайёрлаш ўқув марказлари.
6. 2021 йил 1 январдан:
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган сифатида рўйхатга олинган оила аъзоларига, улар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётганда микроқарзлар берилади;
- микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади;
- микроқарз фоиз ставкасининг 14 фоизли пунктидан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.
7. 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш — ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тенглаштирилади ҳамда ушбу шахсларга ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.
8. Ташқи меҳнат миграцияси соҳасини яна-да ривожлантириш мақсадида:
- 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхонада патентни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади;
- 2021 йил 1 январга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург (90 мингга яқин меҳнат мигрантлари ишламоқда), Новосибирск (200 минг нафар), Самара (100 минг нафар), Уфа (70 минг нафар), Чимкент (100 минг нафар) ва Истанбул (300 минг нафар) шаҳарларидаги ваколатхоналари очилади;
- чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган 10 мингга яқин фуқароларга 446 минг сўм (40 доллар) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу мақсадларга 4,1 миллиард сўм маблағ ажратилади;
- Россия, Қозоғистон ва Туркияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилинади, онлайн платформа яратилади ва Россия ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган Call-марказ ташкил қилинади;
- хорижий мамлакатларда Ўзбекистон фуқароларига мунтазам ёрдам кўрсатиб келаётган шахсларни «фахрий консул» ҳамда «жамоат маслаҳатчиси» этиб тайинлаш ҳамда уларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш амалиёти жорий қилинади;
- дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, йирик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа шахслар иштирокидаги Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади.
9. 2021 йил 1 январдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган сифатида рўйхатга олинган оила аъзоларига, улар хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келганда:
- бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ижара ҳақини тўлаш, тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқиш, кредит таъминоти сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш учун 2,2 миллиом сўм миқдорида субсидия тўланади;
- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитнинг 14 фоиздан юқори бўлган қисми, лекин 21 фоиздан ошмаган миқдори компенсация қилинади.
10. Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг оила аъзоларига моддий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш, зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашиши белгиланган.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 2020–2021 йилларда қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:
- 70 мингга яқин шахслар касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш;
- 144 мингдан ортиқ шахслар ташкиллаштирилган ҳолда хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга 107 минг нафар, Қозоғистонга 24 минг нафар ҳамда бошқа давлатларга 13 минг нафар юбориш;
- 148 мингга яқин хориждан қайтиб келган фуқароларнинг бандлиги таъминлиш;
- 120 мингга яқин меҳнат мигрантларининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма берган.