Шавкат Мирзиёев хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 млн сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, чет эллардаги меҳнат миграциясига оид тартиб-таомилларни фуқароларимиз учун енгиллаштириш, юртдошларимиз кўп ишлайдиган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш бўйича топшириқлар берилди. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, бу бўйича онлайн платформа ва Call-марказ ташкил этиб, малакали адвокатларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев темир интизом ҳамма учун энг биринчи масала бўлиб қолиши кераклигини айтганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилгани маълум қилинди.

Янгиликлар