Самарқандда мактаб ўқувчилари ЙТҲга учради: бир нафар бола вафот этди
Қолган 4 нафар ўқувчининг аҳволи яхши бўлгани сабабли улар шифохонадан уйларига жавоб берилган

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида мактаб ўқувчилари ЙТҲга учрагани ҳақида маълумот тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 13-ноябрь куни тунги соат тахминан 01:00- 1:30 лар атрофида Тойлоқ туманидаги «Бахшитепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички кўчалардан бирида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Маълум бўлишича, ҳодиса вақтида автомобил салонида 15-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 8-синфида таҳсил олувчи 5 нафар ўқувчи бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида мазкур мактабнинг 8-синф ўқувчиси З. А. олган тан жароҳатлари сабабли шифохонада вафот этган. Қолган 4 нафар ўқувчининг аҳволи яхши бўлгани сабабли улар шифохонадан уйларига жавоб берилган, — дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





