Тошкентда ягона жамоат транспорти картаси пулли бўлди
Тошкентдаги жамоат транспортларида тўлов учун хизмат қиладиган «Aвтоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори» (AТTO) карталарининг нархи 1 декабрдан бошлаб пулли бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар қилди.
«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати 2020 йил 1 декабридан бошлаб «Aвтоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори» (ATТO) компанияси томонидан ягона транспорт картанинг 5000 сўмлик сотиш акцияси тугатилганини маълум қилди. Таъкидланишича, 1 декабрдан бошлаб шаҳардаги ойлик йўл чипталари сотиш шаҳобчаларида «ATTO» транспорт картасининг баҳоси 15 000 сўм этиб белгиланди.
Ушбу миқдорга қуйидагилар:
- карта нархи — 10 000 сўм
- карта балансида — 5000 сўм кириши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Таъкидланишича, ўтган 10 ойда Халқ қабулхоналарига жамоат транспорти масалада 3 мингдан зиёд мурожаат бўлгани ҳам соҳада камчиликлар кўплигини кўрсатган. Шунингдек, Ўзбекистон бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланиши маълум бўлган.