Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши маълум бўлди
Ўзбекистон бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев раислигида 30 ноябрь куни ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Таъкидланишича, ўтган 10 ойда Халқ қабулхоналарига жамоат транспорти масалада 3 мингдан зиёд мурожаат бўлгани ҳам соҳада камчиликлар кўплигини кўрсатади.
Айд этилишича, 23 ноябрь Тошкент шаҳрида жамоат транспортини бошқариш ва инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси кўриб чиқилган эди. Шу куни давлат раҳбари бу янги тизимни бошқа шаҳарларда ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган. Транспорт вазирлиги ва ҳокимликлар томонидан шу борадаги имкониятлар ўрганилиб, таклифлар тайёрланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйича кунига қарийб 20 миллион йўловчидан 4,4 миллиони ёки 22 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бундан ҳам паст. 1 минг 200 та қишлоқ туман марказигача бўлган йўналишда жамоат транспорти билан қамраб олинмаган.
Президент қишлоқдан туман марказигача ҳамда у ердан вилоят марказигача бўлган транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлигини таъкидлаган.
«Одамлар учун шаҳар, туман ва қишлоқлар орасида транспортни қулай, хавфсиз ва осон қилиш керак. Бу хизматлардан халқ рози бўлиши керак», – дейди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Президент 100 млн долларлик лойиҳалардан фақат биттаси фойдаланишга топширилганини кескин танқид қилган.