Президент 100 млн долларлик лойиҳалардан фақат биттаси фойдаланишга топширилганини кескин танқид қилди
Шавкат Мирзиёев электротехника ва фармацевтика соҳаларида инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра 2020 йилга режалаштирилган 100 миллион долларлик 37 та инвестиция лойиҳасидан бугунги кунгача фақат биттаси фойдаланишга топширилгани кескин танқид қилинган. 2020 йилда 149 миллион долларлик 37 та лойиҳа бўйича амалий ишларни ҳозирдан бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Таъкидланишича, соҳадаги яна бир камчилик – охирги йилларда ташкил этилган 16 та йирик корхонанинг 8 таси тўлиқ қувватда ишламаяпти. Мутасаддиларга уларни бирма-бир таҳлил қилиб, тўлиқ қувватга чиқишига кўмаклашиш топширилган. Маҳаллий корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори-дармон ишлаб чиқарилса-да, улар асосан мураккаб бўлмаган женерик воситалардан иборат.
«Пандемия ҳаммамизнинг кўзимизни очди, фармацевтика нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик жиҳатидан ҳам стратегик тармоқ эканини кўрсатди. Биринчи бўлиб фармзоналар ташкил этганимиз бежиз эмас. Биз жуда кўп нарсага дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак», – дейди Президент.
«Шу боис хавфсизлик ва самарадорлик даражаси юқори бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришга ўтиш кераклиги таъкидланди. Мисол учун, келгуси йилда Наманганда парентерал, Самарқандда гормонал ва Тошкент вилоятида қон препаратларини ишлаб чиқаришга имконият мавжуд.
Доривор ўсимликларни плантанция усулида етиштириш ва саноат қайта ишлашни йўлга қўйиш натижасида экспорт ҳажми жорий йилнинг ўтган 10 ойида 40 миллион долларни ташкил этди. Ҳудудларда доривор ўсимликларни қайта ишлаш бўйича қиймати 42 миллион доллар бўлган 14 та кластер ташкил этилди. 2020 йилда доривор ўсимликлар плантациялари 16 минг гектарга, хомашё тайёрлаш ҳажми 22 минг тоннага етказилмоқда. Лекин бу етарли эмас. Шу боис келгуси йилда маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини камида 2 бараварга ошириш мақсад қилиб қўйилди», — дейилади Президент матуот хабарида.
Қандли диабет касаллигида шакар ўрнини босувчи стевия ўсимлигини етиштириш, бахмалгул, наъматак, топинамбур, ола-ўт, заъфарон каби экспортбоп дориворларни саноатлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган. 207 та корхонадан 157 тасида халқаро стандартлар жорий қилинмагани қайд этилиб, бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган. 2020 йилда фармавцевтика маҳсулотлари экспортини 55 миллион долларга олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган.