Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь, жума куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари муҳокамаси юзасидан маҳалла раислари, ёшлар, мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Чилонзор туманида 51 та маҳалла бўлиб, иқтисодий фаол аҳолининг 9 фоизи ишсиз ҳисобланади. Киши бошига саноат ҳажми эса Тошкент шаҳридаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар паст. Шу боис маҳаллалардаги резервлар ўрганилиб, туманни комплекс ривожлантириш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилган. У 7 та асосий йўналишни қамраб олган.

«Бугун туманда ʼўсиш нуқталари’ни аниқлаб, иқтисодиётни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб олишимиз керак. Агар маҳаллабай ичига кирсак, одамлар адолатни сезади», — деди Президент тадбир аввалида.

Президент йиғилишга келган ёшларнинг фикрларини тинглаб, уларнинг ижроси бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг туманларида «лойиҳалар фабрикаси» ташкил этиб, ёшларнинг бизнес ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Тошкентда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим бўлади. Шаҳар ёшлари форуми ўтказилади. Тошкент ёшлари карвонбоши бўлиши керак. Ўзбекистоннинг эртанги кунини пешана теримиз билан яратамиз. Ким бу ишларни қилади? Ватанни севган, фидойи инсонлар. Йўлимиз битта: одамларга ҳалол хизмат қилиш, халқимизнинг розилигига эришиш», — деган Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини айтган.