Шавкат Мирзиёев кўп қаватли уйларда энг катта муаммо нима эканлигини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь, жума куни Тошкент шаҳридаги Технопарк корхонасида кўп қаватли уйлардаги энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқ эканлигини айтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Президент корхонадаги лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирган.
Хусусан, давлат раҳбари лифт корхонасида маҳсулотларнинг локализация даражаси билан қизиққан. Ҳозирда бу кўрсаткич 32 фоизни ташкил этмоқда.
Шавкат Мирзиёев Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқлигини айтиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш эвазига таннархни тушириш, эски лифтларни алмаштириб, янгиларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берган. Замонавий лифтларни эксплуатация қилиш бўйича кадрлар тайёрлаш кераклиги қайд этилган.
Шунингдек, давлат раҳбари форма ва қолиплар корхонасида ёш ходимлар ишини кузатган.
«Бундай корхоналар бир эмас, бир нечта жуда муҳим иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилади. Одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлайди. Энг асосийси, бугунги ютуғимиз – саноатда юқори технологияларни амалда ишлата оладиган замонавий миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти», — дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев маҳсулотлар сифатини илғор мутахассислар таъминлашини, шу боис ёшларни бундай корхоналарда ишлашга тайёрлаш учун ўқув маркази ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев янги қурилиш лойиҳалари билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг киши яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилиши хабар қилинган.