Шавкат Мирзиёев янги қурилиш лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь, пайшанба куни қурилиш соҳасига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш режалаштирилган. Давлат раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида бу ишларни ҳар томонлама чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилган. Унга кўра, катта масжид, тўртта минора ва кенг айвонлар қуриш, хиёбон, унинг атрофида меҳмонхоналар ҳамда бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш кўзда тутилган.

Президент тақдимот билан танишиб, зиёратчи ва бошқа сайёҳлар учун қулайликларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган. Шунингдек, у тақдимот чоғида мажмуани жаҳон андазалари даражасида сифатли қуриш, зиёратчиларга қулайликларни ошириш бўйича қатор кўрсатмалар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон давлат санъат музейининг янги биноси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси буюртмаси билан япон меъмори Тадао Aндо томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, музейнинг мавжуд биноси ёнида айлана шаклида 3 қаватли янги иншоот қад кўтариши кўзда тутилган.

Музейнинг ҳозирги шароити билан мавжуд экспонатларнинг бор-йўғи 3 фоизини намойишга қўйиш мумкин. Янги иморат қурилгач, ушбу санъат даргоҳининг кўргазма майдони кенгаяди. Музей биносини реконструкция қилиш лойиҳаси объектнинг тарихий қиймати ва яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда меъморчиликдаги замонавий тенденсияларни ҳамда бугунги куннинг ижтимоий архитектурасини акс эттиради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари 16 октябрь куни Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганида бу ерда соҳа кластери ташкил этиш, ҳудудни қурувчилар массивига айлантириш лозимлиги юзасидан топшириқлар берган эди. Шу мақсадда институт атрофидаги майдонлар ҳам қўшилиб, янги лойиҳа ишлаб чиқилган.

Унга кўра, олий таълим муассасаси ёнида қурилиш коллежи, қурилиш материаллари бўйича илмий-тадқиқот маркази, лаборатория, ётоқхоналар, спорт мажмуаси ва бошқа объектлар барпо этилиши мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасидаги лойиҳалар билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Президент тақдимот давомида Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Турин политехника университетидаги жами 36 минг талаба, 2 мингдан зиёд профессор-ўқитувчилар учун мўлжалланган марказ лойиҳаси билан танишган.

Янгиликлар