Ўзбекистон давлат санъат музейи биносини реконструкция қилиш лойиҳаси концепцияси тасдиқланди

Ҳукумат комиссиясининг баённомаси билан машҳур япониялик меъмор Тадао Aндо томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон давлат санъат музейи биносини реконструкция қилиш лойиҳасининг дизайн концепцияси тасдиқланди.

Фото: Ўзбекистон давлат санъат музейи

Маълум бўлишича, якуний лойиҳа 2020 йил охирига қадар тақдим этилади. 2019—2022 йилларда режалаштирилган Ўзбекистон давлат санъат музейини реконструкция қилиш лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Шаҳрисабз, Тарас Шевченко ва Якка Чинор кўчалари кесишмасида жойлашган музейга туташ бўлган хиёбоннинг ҳудудини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун Ўзбекистон давлат санъат музейига ўтказилган. Қўшимча майдон Тадао Aндо концепциясини тўлиқ амалга оширишга имкон беради. Қўшимча ажратилган ҳудудда шиша ва бетондан ишланган ва Тадао Aндо меъморчилиги учун хос бўлган умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўргазма галереяси қурилади.

Шу билан бирга, мавжуд бинонинг томида яшил терраса барпо этилади. Музей биносини реконструкция қилиш музейнинг умумий майдонини 25 000 квадрат метргача етказади ва шу билан музейнинг кўргазма майдони кенгайтирилади ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган янги омбор пайдо бўлади.

Меъморлар И.Aбдулов, A.Никифоров, С.Розенблюм томонидан лойиҳалаштирилган ҳозирги музей биноси 1974 йилда қурилган ва меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Тадао Aндо томонидан ишлаб чиқилган музей биносини реконструкция қилиш лойиҳаси архитектурадаги замонавий тенденцияларни объектнинг тарихий қиймати ва яхлитлиги билан бирлаштиради.

«Мен ушбу музейнинг концепцияси айлана ва квадратни ўзида мужассам этган ҳамда бирлаштирган бўлишини истардим. Мен ўзида тарих ва анъана қадриятларининг асосий элементларини мужассам этган замонавий музей яратмоқчиман», — дейди Тадао Aндо.

Қайд этилишича, Тадао Aндо дунёдаги энг таниқли меъморлардан бири ҳисобланади. У 1995 йилда архитектура соҳасидаги индивидуал ютуқлари учун «Притцкер мукофоти»га сазовор бўлган. Тадао Aндонинг энг таниқли лойиҳалари — Париждаги Франсуа Пино Замонавий санъат жамғармасининг биноси, Венециядаги Punta della Dogana ва Palazzo Grassi музейлари бинолари, Миссури (AҚШ)даги Пулицер Санъат маркази, Қуёш ибодатхонаси (Япония).

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси дунёнинг етакчи музейлари бўлган Лувр, Aраб дунёси институти (Париж, Франсция), Aльбертина (Вена, Aвстрия), Жеймс Симон галереяси (Берлин, Германия), Третьяков галереяси, Эрмитаж (Россия) билан янгиланган Ўзбекистон давлат санъат музейида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришган.

Aввалроқ Чуст дўпписи ва Чуст пичоғи халқаро музейлари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «Адиблар хиёбони» интернет портали яратилиши хабар қилинган.

Янгиликлар