Сирдарёда эркакнинг шаръий никоҳидаги аёли унинг қонуний хотини ва қизини пичоқлаб ўлдирди

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида эркак билан бирга яшаб келган аёл, унинг қонуний хотини ва қизини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди.

Ҳодиса 29 апрель куни содир бўлган. Таъкидланишича, эркак билан шаръий никоҳда бўлган Н. Х., унинг қонуний рафиқаси М. С.нинг уйига бостириб кирган. У аёлга ва унинг икки нафар (беш ва уч ёшли) қизларига пичоқ билан жароҳат етказиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

М. С. ва унинг беш ёшли қизи воқеа жойида вафот этган, уч ёшли қизча эса оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Марҳумнинг жияни таъкидлашича, аёл уйда кир юваётган вақтида унга ҳужум қилинган. Аёлнинг бақирганини эшитиб югуриб чиққан қизларига ҳам пичоқ билан жароҳат етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми а, в, ж бандлари (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олинган.

Марҳум аёлнинг тўрт нафар фарзанди қолган, яъни 8 ёшли ўғли ва 20 кунлик чақалоғи.

Ўзбекистон