Андижонда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси $3 минг пора билан ушланди

Андижон туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ва ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича, ушбу шахслар ўзаро тил бириктириб, 1967 й.т. фуқарога чорвачилик мақсадида мазкур маҳалла ҳудудидан ажратиб берилган ер майдонининг 2 сотихини ҳамда давлат захирасида бўлган 28 сотих ерни Андижон шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. шахс номига расмийлаштириб беришни режа қилишади.

Хусусан, улар жами 30 сотих ер майдонининг бир қисмини нотурар, қолган қисмини турар жой тоифасига ўзгартириб беришни айтиб, ер учун 57 минг АҚШ доллари ва кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириш учун 3 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси олдиндан ер майдони учун 28 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 3 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон