Ўзбекистонда хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича МДҲ ҳудудида илк интеграциялашган платформа яратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, саноат, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалардаги жадал ривожланиш табиатга таъсир этувчи омилларни қатъий назорат қилишни, экологик талабларга риоя этишни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2024 йилда 47 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда улар сони 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган экологик зарарга мутаносиб эмаслиги сабабли баъзи корхоналар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб, фаолиятни давом эттириш қулайроқ бўлиб қолмоқда.

Шу боис, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилди.

Жумладан, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш, атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрдан ортиқ ташламалар чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан молиявий чоралар жорий этиш кўзда тутилган.

Бу жараёнда маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириб, корхона айбини тан олган ҳолатларда уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўллаш, низоли ҳолатларда эса масалани суд тартибида кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини жорий қилиш таклиф қилинди.

Хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича МДҲ ҳудудида илк интеграциялашган платформа яратиш таклиф қилинди. Навоий вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида хавфли чиқиндиларни лабораторияда тавсифлаш, махсус полигон ташкил этиш, чиқиндилардан RDF ёқилғи ишлаб чиқариш, физик-кимёвий ва термик қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган, — дейилади хабарда.

Лойиҳа қиймати 260 миллион доллар бўлиб, йилига 330 минг тонна хавфли чиқиндини қайта ишлаш қуввати яратилади. Унинг амалга оширилиши экологик барқарорликни таъминлаш, янги стандартлар ва илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Қайд этилганидек, 2017 йилда қурилиш чиқиндилари ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 1,9 млн тоннага етган.

Шу муносабат билан қурилиш чиқиндиларини «ҳосил бўлишдан утилизациягача» бўлган жараёнини тўлиқ назорат қиладиган рақамли платформа яратиш, чиқиндилар ҳаракатини GPS орқали реал вақт режимида кузатиш, полигонларда саралаш ва қайта ишлаш комплексларини ташкил этиш таклиф этилди.

Шунингдек, қурилиш объектларини қабул қилишда чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича шартнома шартлари бажарилганини мажбурий талаб сифатида белгилаш, ноқонуний ташлаш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш орқали аниқлаш ҳамда жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш бўйича лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Фарғона» миллий табиат боғи таркибидаги «Ёзёвон» табиат ёдгорлиги ҳудудини муҳофаза қилиш, дендрологик боғ ташкил этиш, кузатув миноралари, махсус дронлар ва рақамли мониторинг тизимлари орқали назоратни кучайтириш режалаштирилган.

Ушбу ҳудудда ташриф маркази ташкил этиш, пиёда сайр маршрутлари, қушларни кузатиш майдонлари, фото ва панорама нуқталари, илмий-маърифий экскурсиялар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Овжазсой – Мовий тоғлар» миллий табиат боғи ҳудудида ҳам экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган объектлар барпо этиш таклифлари кўриб чиқилди. Бунда табиий манзаралар ва тоғ экотизимларини асраб-авайлаган ҳолда сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ва жавобгарликни кучайтириш, чиқиндиларни бошқаришда замонавий тизимларни жорий этиш, сув ресурслари ва биохилма-хилликни асраш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни илмий асосда ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Ўзбекистон