Ўзбекистон – Чехия делегациялари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида президент ушбу ташриф Ўзбекистон – Чехия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Барча соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасида яқин алоқалар ўрнатилди, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Парламентларда «Дўстлик гуруҳлари» ташкил этилган. Ҳукуматлараро комиссия самарали ишламоқда. Кейинги йилларда товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ошган. Мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлашни, шу жумладан, маҳсулот турларини кенгайтириш орқали 1 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Биргаликдаги савдони рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилмоқда. Чехиялик ҳамкорлар билан «Евро-6» стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қурилмоқда.
Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, «яшил» энергия, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика ҳамда бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон – Чехия бизнес форумида эълон қилинган лойиҳавий ташаббуслар қўллаб-қувватланди. Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни илгари суриш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг кейинги йиғилишини шу йил август ойида Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди.

Маданий-гуманитар соҳада, шу жумладан, қўшма диплом дастурлари доирасида таълим ва академик алмашинувни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Ўзаро маданият ва кино кунлари, кўргазма ва концертларни мунтазам равишда ўтказиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади.
Тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Якунда қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.





