Бухоро ва Сурхондарёда қарийб 13 кг «опий» айланмаси тўхтатиб қолинди
Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг катта партияси ноқонуний айланмадан олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1993 й.т., муқаддам наркожиноят содир этганлиги учун судланган шахс бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашина «Сурхондарё-Бухоро» йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Когон тумани ҳудудида тўхтатилади.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг мотор қисмидаги ҳаво фильтри остига яшириб қўйилган 993 гр «опий» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинади.
Суриштирувлар давомида, у наркотик моддани Термиз туманида истиқомат қилувчи, 1980 й.т., халқаро юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсдан олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилади.
Натижада, ушбу шахс ҳам ушланиб, унинг ёнидан муқаддам Афғонистондан контрабанда қилинган 5 кг ва яшаш хонадонидан эса 7 кг «опий» гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





