Энди уй ҳайвонларини умумий зинапоялар ва балконларда сақлаш тақиқланади

Адлия вазирлиги томонидан кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қоидаларга кўра, кўп квартирали уйларда қуйидагилар тақиқланади:

• ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни балконлар ва лоджияларга ўрнатиш;

• балконларда оғир буюмларни сақлаш;

• балконлар ва лоджияларнинг фасад (ташқи) қисмларида кир, кийим-кечак, гилам ва бошқаларни осиб қўйиш (ички қисми бундан мустасно);

• уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойларда, зинапояларда, чердакларда, ертўлаларда, шунингдек умумий фойдаланишдаги ошхоналарда, балконларда ва лоджияларда сақлаш;

• кириш йўлакларининг зинапоя майдонларида ва зинапояларнинг остида ёнувчи материалларни сақлаш;

• умумий иссиқлик параметрларига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш (реконструкция) ишларини амалга ошириш, қўшимча иситиш юзаларига (иситилмайдиган юзалар) иссиқлик ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, умумий мулк таркибига кирувчи иссиқлик тизимларига ўзгартириш киритиш.

Шунингдек, автотранспорт воситаларини кўп квартирали уйлар ва унга туташ ер участкаларидаги газонлар усти, хиёбонлар, болалар майдончалари, тротуарларга, кириш йўлаклари қаршисига қўйиш тақиқланади.

Ўзбекистон