Ўзбекистонда 44 та шаҳар ва туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари ишдан олинди
Ўзбекистонда 44 та шаҳар ва туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари лавозимидан озод этилди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йилнинг 24-апрель куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари энергия самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб, электр энергияси йўқотишлари 20% юқори бўлган 44 та туман электр тармоқлари корхоналаридаги ҳолатни танқид қилган эди.
Шу муносабат билан, хулоса чиқармаган раҳбарларни зудлик билан ишдан олиш, уларнинг ўрнига ёш кадрларни тайинлаш ҳамда йўқотишларни камида икки баробар қисқартириш бўйича аниқ KPI белгилаш зарурлиги таъкидланган эди.
Шундан сўнг, мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда тармоқ раҳбарлари, ҳудудий электр ва газ корхоналари мутасаддилари иштирок этиб, энергия самарадорлиги ва энергия ресурслари йўқотишларини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан жами 106 140 та трансформатор пунктининг техник ҳолати ўрганилиб, 25 668 таси таъмирталаб экани аниқланди ва айни пайтда уларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда, шунингдек, электр энергияси йўқотишларини камайтиришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Газ таъминоти масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам танқидий кўриб чиқилиб, бу борада жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун «Ҳудудгаз Хоразм» газ таъминоти филиали раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилиш якунида электр энергияси йўқотишлари 20% юқори бўлган ҳудудлар кесимида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Андижон филиалидаги 14 та, Жиззах филиалидаги 7 та, Самарқанд филиалидаги 10 та, Қашқадарё филиалидаги 4 та, шунингдек Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларидаги 2 тадан туман (шаҳар) электр корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилди, — деийлади хабарда.





